Аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан иш ўринларининг энг кам сони белгиланади, ташкилотлар томонидан эса иш ўринлари захирага қўйилади.
Иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади.
Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ белгиланадиган иш ўринлари энг кам сонининг жами сони ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг етти фоизидан ортиқни (шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун уч фоизидан камини) ташкил этиши мумкин эмас.
Ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:
лавозимларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини 1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда белгилайди;
келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони тўғрисидаги маълумотларни 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда маҳаллий меҳнат органига тақдим этади.
Маҳаллий меҳнат органи томонидан олинган маълумотлар асосида иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисидаги таклифлар шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ташкилотлар кесимида тегишли қарор қабул қилиниши учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ҳар йили 1 октябрдан кечиктирмай киритилади.
Маҳаллий меҳнат органи томонидан тақдим этилган умумлаштирилган таклифлар асосида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмай қарор қабул қилади.
Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари асосида маҳаллий меҳнат органлари захирага қўйиладиган иш ўринлари сони, захирага қўйиладиган иш ўринларига қўйиладиган талаблар, рағбатлантириш чоралари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг энг кам миқдорда иш ўринларини ташкил этиш ҳақидаги қарорлари бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш жорий йилнинг 15 ноябридан кеч бўлмаган муддатда ташкилотларнинг эътиборига етказади.
Ушбу Қонун 38-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган тоифадаги шахслар томонидан қўйиладиган ўзига хос талабларга мувофиқ бўлган меҳнат шароитларини таъминлайдиган иш ўрни мазкур тоифадаги шахслар учун, шу жумладан қуйидагилар учун ташкил этилган иш ўрни деб ҳисобланади:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилаларнинг ота-оналари учун — болаларни тарбиялаш мажбуриятлари ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
ногиронлиги бўлган шахслар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга соғлиғининг ҳолатини ҳамда меҳнат фаолиятига доир белгиланган қарши кўрсатмалар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат мажбуриятларини монеликсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари.
Ушбу Қонун 38-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар жойлаштириб бўлинган иш ўринлари келгуси даврга захирага қўйиладиган иш ўринлари сонини аниқлашда ҳисобга олинади.
Захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш ташкилот томонидан маҳаллий меҳнат органининг йўлланмаси бўйича ёки мустақил равишда амалга оширилади.
Захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштиришга ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, жазони ижро этиш жойларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашув марказлари, кўрсатиб ўтилган тоифадаги шахсларнинг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотлар ҳам уларни маҳаллий меҳнат органларига юбориш йўли билан кўмаклашиши мумкин бўлиб, маҳаллий меҳнат органлари бундай шахсларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлайди. Бунда мазкур ташкилотлар календарь йил бошланишидан камида беш ой олдин маҳаллий меҳнат органига аниқ ташкилотлар бўйича иш ўринларини захирага қўйиш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқига, зарур ҳолларда, маҳаллий меҳнат органларидан ҳар бир ташкилот бўйича ташкил этилган иш ўринларининг сони ва хусусияти, шунингдек захирага қўйиладиган бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олиш ҳуқуқига эга.
Ногиронлиги бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари йўлланмасига кўра ишга жойлашиш кафолатланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан уларга соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлган ишларда фойдаланиш тақиқланади.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлиқсиз иш вақти режими тўғрисидаги, юкламани камайтириш ҳақидаги ва меҳнатнинг бошқа шарт-шароитлари тўғрисидаги тавсиялари иш берувчи томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда бошқа ходимлар каби ҳуқуқларга эга, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари борасида эса улар ўзи учун қонунчиликда, шунингдек меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади.
Жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида белгиланадиган меҳнат шарт-шароитлари, шу жумладан иш ҳақи, иш вақти ва дам олиш вақти режими, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қонунчиликда белгиланганидан кам бўлиши ҳамда бошқа ходимларга нисбатан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштириши ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаши мумкин эмас.
Ногиронлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахс билан меҳнат шартномаси тузишни ёки ишда унинг юқори лавозимга кўтарилишини рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосасига кўра ногиронлиги бўлган шахснинг соғлиғи ҳолати касбий вазифаларини бажаришга монелик қиладиган ёхуд унинг ёки бошқа шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, меҳнат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳоллар мустасно.
Ногиронлиги бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши лозим.
Ушбу Кодекснинг 360-моддасида назарда тутилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мажбурий тиббий кўриклари иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги керак.
Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга давомийлиги камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган вақтида фойдаланиши мумкин.
Агар йиллик меҳнат таътили берилаётган иш йили ходимга ногиронлик белгилангунига қадар ва белгиланганидан кейинги даврларни ёхуд мазкур ходимнинг ногиронлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан олиб ташлангунига қадар бўлган даврни ва олиб ташланганидан кейинги даврни қамраб олса, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ногиронлик белгиланган даврдаги ва ногиронлик юзага келгунига қадар ёки ногиронлик олиб ташланганидан кейинги иш даврига мутаносиб равишда ҳисобланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Иш берувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда ҳар йили давомийлиги ўн тўрт календарь кунгача бўлган таътил бериши шарт.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилад